саккизинчи ҳикоя
Фуқаролиги йўқ шахслар
учун чегара.
Гувоҳи бўлганингиздек, бугунги ҳикояларимизнинг аксарияти яхшилик билан тугаган. Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон ва Тожикистон ўтасидаги чегараларнинг очилиши кўплаб оддий инсонлар ҳаётини анча енгиллаштирди. Бироқ муаммолар ҳали бор. Унинг устига фуқаролар, аниқроғи "фуқаролиги бўлмаган шахслар" эсдан чиқди. СССР қулаганидан сўнг, Тожикистондаги фуқаролик уруши (1992-1997) қочоқлар оқимини юзага келтирди. Устига устак, "фуқароликсиз" мерос бўлиб ўтиши ҳам мумкин экан.

- Менинг ота-онам тожикистонлик, фарзандларим эса, Ўзбекистонда туғилган. Уларни ушбу мамлакат фуқароси деб тан олишмаётгани менга алам қилади. Кеча паспорт столида бўлгандим. Улар болаларимга ҳам, набираларимга ҳам фуқаролиги бўлмаган паспорт беришаркан, - дейди Роҳатой Холиқулова.

Унинг тўрт нафар фарзанди бор. Роҳатойнинг уч нафар ўғли ўзбекистонлик қизларга уйланишди, келини эса Тожикистондан. Қизлар аъло баҳоларга ўқишади, бироқ уларни ишга олишмаяпти, ҳатто заводда ишлашга ҳам. Роҳатойнинг набиралари коллежни тугатишган. Улар мутахассислик бўйича пайвандловчи ва ҳайдовчиликка ўқиганлар.

Фуқаролиги бўлмаган шахслар нафақат чегара ўтиш пунктларида, балки ишга жойлашишда, ҳатто ФҲДЁ да ҳам муаммоларга дуч келишмоқда.

- Бир ўғлимни анча пайтгача уйлантира олмаганман, - деб давом эттиради Роҳатой – Унинг паспортида фуқаролиги бўлмагани учун ҳеч ким унга қизини беришни истамаган. Яқинда турмуш қурган оилада хотини ҳужжатларини расмийлаштириш учун уйга кетиб, қайтолмай қолган ҳолатлар ҳам бўлган. Унинг турмуш ўртоғи икки уч йил кутгач, ажримга ариза топширган. Ота-онанинг бири билан қолган фарзандлар сонини эса, ҳеч ким санамаган ҳам.

Кўпинча бундай инсонлар ўз яқинларини сўнгги манзилга кузатолмаганлар ҳам. Бунинг устига чегараларда ҳам уларга нисбатан яхши муносабатда бўлишмаган.
"Биз кичик кўприкдан ўтдик ва ортимиздан бир аскар қувиб келди.
Ундан олдин қизим оёғини синдириб қўйган эди.
Чегарачилар: "Ичида нима борлигини кўришимиз керак", деб гипсни ечишни талаб қилганлар.
Робия Исокова
Фуқаролиги йўқ шахслар
Робия Исоқованинг бироз омади келган – оталарининг ўлимидан сўнг акалари унга хорижга чиқиш паспортини олишга ёрдам берадилар. Бироқ у ҳам ота уйига боришга қийналади.

- Олдимизда "Бекобод" божхона пости бор. Хорижий паспорт бўйича фақат "Ойбек" постидан ўтиш мумкин эди. У эса биздан жуда узоқда! Туғилиб ўсган қишлоғимгача бўлган йўл бир ярим соат вақтни олади. Олдимизда жойлашган пунктдан эса, хорижий паспорт билан ҳам ўтказишмаган, - дейди Робия Исоқова.

2018 йил 9 мартда Душанбеда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган Фуқароларнинг ўзаро сафарларига оид келишув фақат икки мамлакат фуқароларига тегишли. Четда эса, фуқаролиги бўлмаган шахслар қолган. Ундайлар сони Ўзбекистонда ҳам, Тожикистонда ҳам етарлича.

Ўзаро муносабатларнинг дўстоналигини ҳисобга олиб, икки мамлакат ҳукуматларига фуқаролиги бўлмаган шахсларни виза олиш заруратидан озод қилиш имкониятини кўриб чиқиш бўйича мурожаат қилувчилар сони ҳам ошди.
ЭПИЛОГ, ёки
Бетараф йўлакдаги мулоҳазалар
Давлат чегарасидан ўтиш маскани. Одамлар уни оддий қилиб – КПП дейишади. Аслида улар иккита. Тожик ва ўзбек томонида. Оралиғи 200 метр. Бу бетараф йўлак ҳеч бир томонга, умуман ҳеч кимга тегишли бўлмаган ҳудуднинг бир қисми. Ер юзидаги бирорта давлатга тегишли эмас.

Бугун одам жуда кўп. Ҳар иккала томонга ҳаракатланаётган одамларнинг ҳар бири ўз фикрлари, ҳис-туйғулари ва умидларига эга. Улар қандай ҳаёллар билан банд? Ҳаёллар эҳтимол, бу нарса бошқа такрорланмаслиги, оилалар бирга бўлиши, муаммоларсиз бандлик, таълим ва даволаниш, ёки шунчаки бир-бириникига меҳмонга бориш ва ҳатто парапланда учуш ҳақидадир.
Балки ўзининг суюкли инсони ва дўсти билан бир неча йилда эмас, исталган пайтда дийдорлашиш имконияти ҳақидадир. Булар кўз илғаган оддий нарсалар.

Икки назорат маскани орасидаги икки юз метр йўл... одамлар бу ерда камдан-кам ҳолларда учрашадиган вақтлар бўлган. Иккала томонда ҳам. Энди бу нарса ўтмишда абадий қолиб кетган бўлсин. Энди бу ерлар доим одамлар билан тўлган, гавжум бўлсин.
This site was made on Tilda — a website builder that helps to create a website without any code
Create a website